Сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан Ўзбекистонга олиб киришга бўлган уринишлар учраб турибди. Божхона ходимлари томонидан мазкур ҳолатларга ўз вақтида чек қўйиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролар Розиқов, Алимова ва Исаевларнинг (исм- шарифлар ўзгартирилган) қилмишларига чек қўйилди. Юртдошлари саломатлигини хавфга қўйиб бўлса-да, ўз чўнтагини қаппайтиришни кўзлаган ушбу шахсларнинг сифатсиз ҳамда истеъмол муддати ўтиб кетган озиқ-овқатларни ички бозорда пуллаш режалари чиппакка чиқди.
Юк эгалари оғирлиги 1,8 тоннадан, қиймати эса 57,5 миллион сўмдан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи бирор ҳужжат тақдим эта олмади. Маҳсулотларнинг ёрлиқлари кўздан кечирилганда, амалдаги тартибларга зид равишда товарлар давлат тилида маркаланмагани ҳам аниқланди.
Маълумот учун, 2016 йил давомида республика божхона ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 3400 дан ортиқ ҳолатда қиймати салкам 4 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)