«Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги Президент фармонига биноан Ўзбекистоннинг турли минтақаларида фуқаролик паспортларини топшириш давом этмоқда. Жумладан, Фарғона вилоятида 16 нафар янги фуқарога паспортлар топширилди, деб хабар беради ЎзА.
«Президентимизнинг фармони юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканининг яна бир ифодаси бўлди, — деди паспорт олганлардан бири — Азамат Ўринбоев. — Аввало, шу табаррук заминда туғилишнинг ўзи катта бахт! Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш саодати қалбимизга қувончу фахр бағишлайди. Мен спортнинг таэквондо тури билан шуғулланаман. Халқаро қора белбоғ соҳибиман. Мақсадим — Ўзбекистон номини улуғлашга ҳисса қўшиш. Ўзбекистон фуқароси бўлганим, паспортни қўлга олганим менга янада катта масъулият юклайди. Бунинг учун бағрикенг давлатимиздан миннатдорман».
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида 28 кишига, Самарқанд вилоятида эса саккиз кишига фуқаролик паспортлари топширилди.
Изоҳ (0)