6 январь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz». Унда Сенат расининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва ССП раиси Алишер Шайхов иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилигини яхшилаш йўллари, бизнеснинг қонунчиликдаги иштироки, тўқимачилик соҳасидаги, қишлоқ хўжалик секторидаги, солиқ ва банк тизимидаги муаммолар, касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлиги ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Хитой Савдо уйи раҳбари, Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси раиси Ҳикмат Абдураҳмонов нима учун Ўбекистондаги касаба уюшмалари бизнесга унинг муаммоларини ечишда ёрдам бермаслиги борасидаги фикрлари билан бўлишган бўлса, иқтисодчи Юлий Юсупов халқаро майдондаги рақобатбардошлилик ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, Grand Eco Product таъсисчиси Муродхон Жўраев иссиқхона хўжаликлари сонининг тадбиркорларга боғлиқ бўлмаган омиллар бўйича қисқариши муаммосини кўтарди. Newmax Technologies ва MyTaxi раҳбари Акмал Пайзиев эса Ўзбекистонда хизматлар ва электрон тижорат соҳасини ривожлантиришга интернет-эквайринг билан боғлиқ қийинчиликлар халал бераётганини таъкидлади.
Ҳукумат ва бизнес вакиллари учрашувда давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини тасдиқлади ва ҳар бир масалани комплекс тарзда кўриб чиқиш учун янада ихтисослашган учрашувларни ўтказишга келишиб олди.
Изоҳ (0)