Россиялик аларалаш жанглар санъати (MMA) вакили Ибрагим Ҳалилов ўзбекистонлик Бахтиёр Баратовни Хитойдаги жангнинг 3-сониясидаёқ нокаутга учратди. Бу ҳақда 1news.uz нашри хабар берди.
Бу ҳол жанг стартидаги қўл уриштириш лаҳзасидаёқ амалга ошган. Жангчилар бир-бири билан қўлқоп уриштирган ва шу оннинг ўзидаёқ Ибрагим Ҳалилов кутилмаган зарба йўллаган. Ўзбекистонлик жангчи оғир нокаут қабул қилиб олгач, рингда шифокорлар пайдо бўлган.
Бу ҳол ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилди, деб ёзди 1news.uz. Айримлар россиялик жангчининг бу ҳаракати спорт принципларига зид экани ва у нотўғри йўл тутгани ҳақида ёзган. Фойдаланувчиларнинг аксар қисми эса Бахтиёр Баратов жанг стартидаёқ сергакликни йўқотиб қўйгани борасида фикр билдирган.
Маълум бўлишича, россиялик спортчи MMA қоидаларига зид ҳаракат қилмаган. Унинг кутилмаган зарбаси қоидалар асосида берилган. Шу боисдан ҳам Ибрагим Ҳалиловга ғалаба ёзилди. Ўзбекистонлик спортчи вакиллари томонидан билдирилган эътироз эса қабул қилинмади.
Изоҳ (0)