Наманган вилояти ИИБнинг сайёр ва виртуал қабулхонаси вилоят аҳолисига фаол хизмат кўрсатмоқда. Сайёр қабулхонага махсус жиҳозланган Isuzu автобуси ажратилиб, бошқарма раҳбарияти фуқароларни шаҳар ва туманларда, марказдан олис қишлоқларда қабул қилмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Сайёр ва виртуал қабулхоналар ташкил этилгани вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан давлат раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, тизимда халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадамдир.
«Ўтган йилнинг октябр ойидан бошлаб бошқарма ва унинг шаҳар, туман бўлимлари раҳбарлари томонидан ҳар куни соат 8:00 дан 11:00 гача жисмоний ва юридик шахсларнинг қабули йўлга қўйилди, — деди вилоят ИИБ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бўлими бошлиғи А. Йўлчиев. — Халқ билан мулоқотда ҳар томонлама қулай, тезкор, самарали бўлган сайёр ва виртуал қабулхоналар бу борадаги имкониятларни кенгайтириб, аҳолининг ички ишлар органларига ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ушбу қабулхоналарга тушаётган мурожаатлар юзасидан тезкор ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилиб, аксарият масалалар жойида, қўшимча маълумот ҳамда текширишни талаб этадиган мурожаатлар эса қатъий назорат остига олиниб, белгиланган муддатларда ҳал этилмоқда».
Ўтган қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси орқали вилоят ички ишлар бошқармасига юборилган 650 мурожаатнинг 500 дан ортиғи кўриб чиқилди ва 100 га яқин мурожаат юзасидан қаноатлантирувчи қарор қабул қилинди. 315 мурожаат бўйича уларни йўллаган жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 20 га яқин мурожаат тегишли идораларга юборилди. Айни пайтда 140 дан ортиқ мурожаат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Янги йилнинг дастлабки кунларида Чортоқ туманидаги Караскон ва Сарой, Косонсой туманининг Ободон, Равот, Чиндовул қишлоқларида тадбирлар ташкил қилинди. Сайёр қабул давомида фуқаролар нафақат ички ишлар органларига тегишли, балки бошқа кўплаб масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирди, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Сайёр қабулда тушган мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)