Франциялик Зинеден Зидан Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи сифатида таништирилганига бугун — 4 январь куни 1 йил тўлди. У испаниялик Рафаэль Бенитеснинг ўрнига бош мураббий этиб тайинлганди.
Ўтган бир йил давомида «қироллик клуби» Зидан бошқарувида 53 та учрашув ўтказди ва шуларнинг 41 тасида ғалабага эришди. 10 та ўйинда ғолибни аниқлаб бўлмаган ва фақатгина 2 тасида Зидан майдонни боши эгик ҳолда тарк этган.
Зиданнинг ташрифидан кейин «Реал» Европа чемпионлар лигаси ва Суперкубогида зафар қучди, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақият қозонди.
Ла лиганинг жорий мавсумида етакчи бўлиб турган «Реал» бугун — 4 январь куни қишки танаффусдан кейинги илк ўйинни «Севилья»га қарши ўтказади. Тошкент вақти билан 5 январга ўтар кечаси 01:15 да старт оладиган учрашув Испания кубоги доирасида бўлиб ўтади.
Испания кубоги 1/8 финалидан жой олган 4 та ўйин натижаси билан шу ҳаволада танишиш мумкин. Бугун «Реал Сосьедад» ва «Вильярреал» клублари ўртасидаги ўйин ҳам ўтказилади, «Барселона»нинг «Атлетик»ка қарши ўйини эса 5 январга тайин қилинган.
Изоҳ (0)