Хитой клублари жаҳон футболи юлдузларини таклиф қилишдан чарчаётгани йўқ. Мамлакат супер лигасида эса бир неча ўн йиллардан буён машҳур бўлмаса-да, маҳаллий футболчилардан бир бош устунроқ легионерлар тўп суради.
2016 йилги мавсум статистикаси кўрсатиб бердики, супер лигада тўпурарлар рўйхатининг дастлабки 10 талигидаги 9 та жойни хорижлик футболчилар банд қилган. Фақатгина «Шанхай SIPG» аъзоси Ву Леи 14 та гол уриб, рўйхатнинг иккинчи поғонасидан жой олган. Хитойлик бу футболчи 2017 йилги мавсумдан бошлаб ўзбекистонлик Одил Аҳмедовнинг жамоадошига айланади.
Тўпурарлар рўйхатини мамлакат чемпиони «Гуанжоу Эвергранд» аъзоси ҳисобланган бразилиялик Рикардо Гуларт бошқарган. У 29 беллашувда рақиблар дарвозасига 19 та гол урди ва 6 та голли пас берди.
Яна 4 нафар футболчи эса 14 тадан гол урди. Юқорида айтилгани каби Ву Лей, шунингдек, сенегаллик Демба Ба, бразилиялик Алан Дуглас Боржес, замбиялик Жеймс Чаманга.
Ўзбекистонлик Анзур Исмоилов ҳаракат қилаётган «Чанчун Ятаи» мавсум сўнггида 12-ўринни қўлга киритди. Клубнинг боливиялик легионери Марсело Морено эса 13 та гол ура олди.
Егор Кримец ҳаракат қиладиган «Бейцзин Гоан» 2016 йилнинг иккинчи ярмига келиб икки нафар ҳужумчи харид қилди. Бири Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Игорь Сергеев, иккинчиси эса Туркия термаси аъзоси Бурак Йилмаз.
Мавсум сўнггида Сергеев ортга қайтариб юборилди. Бунинг сабабини тўпурарлар рўйхатига боқибгина билиш мумкин. 17 та учрашувда майдонга тушган Бурак Йилмаз 11 та гол урди ва 1 та голли узатмани амалга оширди. Натижада, ярим мавсумнинг ўзидаёқ тўпурарлар рўйхатининг 10 талигига кириб олди. Сергеев эса бу натижанинг яқинига ҳам келмади.
10 таликда бразилиялик Алекс Тейшейра, Элкесен, франциялик Эран Захави, колумбиялик Роҳер Мартинес, сенегаллик Мбайе Дианье каби номларни ҳам кўриш мумкин.
Осиёлик легионер футболчилар ичидан жанубий кореялик Юн Бит Гарамнинг натижаси ҳамманикидан яхшироқ бўлди. Мавсумни 9-ўринда якунлаган «Яньбянь Фуде» клуби сафида кореялик футболчи 25 та ўйинда 8 та гол уришга муваффақ бўлди.
Мавсумнинг ярмидан бошлаб Хитойга кўчиб ўтган машҳурлардан италиялик Грациано Пелле 13 та ўйинда 5 та гол урди. Унинг жамоаси «Шандон Лунен» мавсумни 14-ўринда якунлади. Худди шу клуб сафида 13 та учрашув ўтказган сенегаллик Паписс Сиссенинг натижаси ҳам 5 та гол бўлиб қолди.
«Зенит»дан сотиб олинган Халкнинг натижаси бир мунча яхшироқ: 7 та ўйинда 5 та гол. Виллаш-Боаш қўл остида тўп сураётган ҳужумчи якунда супер лиганинг бронза медалларига эга чиқди.
Изоҳ (0)