Хитойнинг «Шанхай SIPG» клуби билан шартнома имзолаган бразилиялик Оскар Премьер-Лига клублари ҳисоб рақамини бойитган энг қиммат тўртинчи футболчига айланди.
Ҳозирга қадар энг қиммат бўлиб турган уч трансфернинг 2 таси Мадриднинг «Реал» клуби билан боғлиқ бўлса, яна 1 таси «Барселона»га тегишли эди.
«Реал» Лондоннинг «Тоттенҳэм» клубидан Гарет Бэйлни сотиб олиш учун 85,3 миллион фунт чиқим қилган. Бу Англия клубидан бошқа клуб сафига ўтиб кетган футболчилар орасида рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Бу борада 2-ўрин ҳам «Реал»нинг ўзига тегишли. Гарет Бэйлдан олдинроқ Мадрид клуби Криштиану Роналдуни сотиб олиш учун «Манчестер Юнайтед» ҳисоб рақамига 80 миллион фунт ўтказиб берган. «Ливерпуль» аъзоси ҳисобланган Луис Суарес эса «Барселона» учун 65 миллион фунтга тушган.
«Шанхай SIPG» Оскарни «Челси»дан сотиб олиш учун 60 миллион фунт харажат қилди. Қўшимчасига футболчининг ҳафталик маошини 400 минг фунт этиб белгилади. Бу билан Оскар Хитой клубидан ҳар дақиқада 40 фунт олиб турадиган бўлди.
Изоҳ (0)