Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасининг 1-даврасини «Олмалиқ»да ўтказган ҳужумчи Фарҳод Тожиев, 2-давра олдидан эркин агентга айланиб қолганди. «Championat.asia» нашри маълумотига кўра, Тожиев собиқ жамоаси ҳисобланган Малайзиянинг «Т-Тим» клуби сафида машғулот ўтказмоқда.
«Т-Тим»га биринчи ташрифидан олдин Фарҳод Тожиев Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қиларди. 2016 йилги футбол мавсуми якуни арафасида «Т-Тим» «Локомотив»дан Темурхўжа Абдухолиқов ва Кахи Махарадзени олиши мумкинлиги айтилганди.
«Т-Тим» сафида ўзбекистонлик яна бир футболчи — Дилшод Шарофутдинов ҳам тўп суради. Фарҳод Тожиев клуб билан расман шартнома имзоласа, унда ўзбекистонликлар сони икки нафарга етади.
Маълумот учун, сўнгги мавсумни «Андижон» сафида ўтказган Павел Смоляченко ҳам «Т-Тим» сафида синовда бўлиб турганди. У ўртоқлик ўйинларининг бирида гол уришга ҳам эришган. Клуб, шунингдек, Россия миллий терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Дмитрий Сичевни ҳам синаб кўраётганди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ҳисобланган Одил Аҳмедов ҳам тез орада жамоасини алмаштириши мумкин. «Краснодар» футболчиси айни вақтда Хитойнинг «Шандонг Луненг» клуби билан музокара олиб бормоқда.
Изоҳ (0)