2016 йилнинг март ойида 80 ёшни қаршилаган Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова кеча, 15 декабрь куни Тошкентдаги «Уммон» ресторанида зиёфат берди. Бу ҳақда Ўзбек миллий академик драма театри актёрларига асосланиб, «Qalampir.uz» хабар бермоқда.
Тўти Юсупованинг юбилейи муносабати билан у туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида катта тадбирлар бўлиб ўтганди. Самарқанд давлат драма ва мусиқа театрида Тўти Юсупова таваллудига бағишланган ижодий кеча ҳам ташкил этилган эди.
Ўзбекистон халқ артисти юбилейи муносабати билан ўтказилган зиёфатга Ўзбек миллий академик драма театрининг актёрлари, ёш ижодкорлар, режиссёрлар, кино ва театр санъатининг кўзга кўринган вакиллари ташриф буюргани таъкидланмоқда.
Хабарда таъкидланишича, бугун, 16 декабрь куни Ўзбек миллий академик драма театрида ҳам Тўти Юсупованинг 80 ёшга тўлгани муносабати билан катта байрам сифатида нишонланади. Тадбирда театр ва кино санъатининг кўплаб таниқли ижодкорлари иштирок этади.
Маълумот учун, Тўти Юсупова 1936 йили Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. 1957 йилдан бошлаб у санъат билан шуғуллана бошлади. Бугунги кунга қадар актриса 200 га яқин спектакллар, 100 дан ортиқ фильмлар, 500 га яқин видеофильмларда суратга тушган.
Тўти Юсупова «Келинлар қўзғалони» спектаклдаги Сотти образи, «Абдуллажон»даги Холида роли билан кўпчиликнинг ёдида қолган.
Тўти Юсупова 1970 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1993 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонлари, 2000 йилда «Эл-юрт ҳурмати», 2014 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)