Халқаро бобслей ва скелетон федерацияси (IBSF) 2017 йилги жаҳон чемпионатини Сочидан бошқа шаҳарга кўчиришга қарор қилди. Meduza’нинг ёзишича, мусобақа қаерда ўтказилиши кейинроқ маълум қилинади.
«IBSF Ижроия қўмитаси ҳозирги мураккаб вақтда мусобақани Россияда ўтказмаслик тўғрироқ бўлади, деган қарорга келди», — дейилади ташкилот ахборотида.
IBSF вакилларининг маълум қилишича, мусобақалар «адолатли ё адолатсиз бўлишидан қатъи назар, айбловлар ва муҳокамаларга эмас, балки спортга» бағишланиши лозим. Хабарда айнан қандай айбловлар ҳақида сўз бораётганига аниқлик киритилмаган.
IBSF’нинг эълонидан сўнг Россия бобслей федерацияси (РБФ) халқаро ташкилотнинг бу қарорини «қабул қилишга» мажбурлиги ҳақида баёнот берган.
«Юзага келган вазиятда IBSF спорт ҳамжамиятидаги эҳтимолий бўлиниш ва мусобақанинг оммавий бойкот қилиниши билан юзма-юз келиб қолди. Ҳамкасбларимиз ёмон қарорлар ичра энг яхшисини қабул қилишга мажбур бўлди ва мазкур ҳолатда бундан бошқа ечим йўқ», — дейилади РБФ ахборотида.
Бобслей ва скелетон бўйича жаҳон чемпионати 2017 йил февралида Сочида бўлиб ўтиши лозим эди. Россияда спортчиларнинг допинг қабул қилиши давлат даражасида қўллаб-қувватланиши ҳақидаги хабарлар ортидан, декабрда Латвия мазкур мусобақани бойкот қилишини эълон қилди. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва Буюк Британия вакиллари ҳам мусобақада иштирок этмаслик истагини билдирган.
9 декабрь куни канадалик ҳуқуқшунос Ричард Макларен Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) илтимосига кўра тайёрлаган Россия спортида допинг қабул қилиш ҳақидаги ҳисоботнинг иккинчи қисмини тақдим этди. Ҳисоботга кўра, мингдан ортиқ спортчи Россияда амалда бўлган допинг қабул қилиш тизимидан у ёки бу кўринишда фойда олган. Допингда қўлга тушган спортчиларнинг исми-шарифларини Макларен спорт федерацияларига йўллаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)