Россиянинг Ханти-Манси мухтор округида оператив штаб йиғилиши чоғида 5 декабрь округда мотам куни деб эълон қилиниши маълум бўлди. Бу ҳақда «Интерфакс»га жамоатчилик билан алоқалар департаменти директори Елена Шумакова баёнот берди.
4 декабрь куни округ ҳудудида, Ханти-Мансийск–Тюмень трассасининг 926-километрида автобус ва юк машинаси иштирокида ЙТҲ рўй берди. Автобусда спорт акробатикаси бўйича болалар жамоаси иштирокчилари Ханти-Мансийскдан Нефтеюганскка қайтаётган эди.
ЙТҲда 25 киши, шу жумладан, 22 бола жабрланди. Уларнинг бари Ханти-Мансийскдаги округ клиник шифохонасига етказилди. Кўпларнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.
Автоҳалокатда 12 киши қурбон бўлди, уларнинг аксарияти — болалар.
Елена Шумакованинг маълум қилишича, жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатиш бўйича ҳужжат имзоланади.
Изоҳ (0)