Пиджак – кийим-кечаклар ичида энг қулайи бўлиб, уни кўплаб либослар билан бирлаштириш мумкин. У – иш, кундалик ва романтик услубдаги кийимлар билан ҳам жуда мос тушади. Маслаҳатларимиз сизга ҳар қандай ҳолатлар учун классик қора пиджак билан мос келадиган қиёфа яратишга ёрдам беради.
Жиддий (иш) услубини шим билан ҳам, юбка билан ҳам яратиш мумкин. Асосийси, кўриниш жиддий бўлиши, яъни шим ёки юбканинг ранги ва узунлиги талабга жавоб берадиган бўлиши зарур. Бичимига келганда эса, бемалол ёққанини танласангиз бўлади. Юқорисига енгил кофта ёки кўйлак жуда мос тушади.
Кундалик қиёфани яратиш учун, яхшиси тўғри бичимдаги кийимлардан фойдаланган маъқулроқ. Улар билан «бойфренд» тарзидаги ёки тор жинсилар мос тушади. Ёзлик вариантлар учун, денимдан тикилган юбка ёки калта шимли жинси комбинезон кийиш, юқорисига эса катак-катак кўйлак ёки сидирға рангли енгил кофта танлаш мумкин.
Агар пиджак классик услубда бўлса, унга калта кўйлак ёки оч рангдаги этаги кенг юбка жуда мос тушади. Шим ишқибозлари учун, кўндаланг йўл-йўл чизиқли майкалар билан жинсиларнинг йиртиқ моделларида тўхтаган маъқул.
Қиёфага ғайриоддийлик қўшиш мақсадида, леопард белгили оёқ кийими ёки аксессуарлардан фойдаланишга йўл қўйилади. Шунингдек, классик услубдаги пиджакни тор шимлар ва сидирға рангли топлар билан ҳам кийса бўлади.
Учрашувга чиқмоқчимисиз? Қора пиджак этаги кенг ёки тор кўйлак билан жуда мос тушади. Бунда, ранглар мутлақо турли хил бўлиши мумкин, пастель тонларини танлаш шарт эмас. Пиджак кенг бўлса, кўйлакка ёки накидкага мос келадиган рангда ингичка камар ёрдамида белга ургу бериш мақсадга мувофиқдир. Контрастлардан қўрқманг. Диққат марказида бўлинг!
Изоҳ (0)