Huawei Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун компаниянинг Хитойдаги бош қароргоҳига медиа-тур уюштирди. Медиа-тур доирасида ўзбекистонлик журналистлар Huawei’нинг Пекин, Шанхай ва компания бош офиси жойлашган Шэньчжэнь шаҳридаги кўргазма заллари ва тадқиқот марказларига ташриф буюрди.
Хитойга сафар қилганлар орасида UzReport-TV телеканали, «Бизнес-вестник Востока» газетаси, «Максима» радиоси, «Эхо Долини» радиоканали, ICTnews ва «Экономическое обозрение» журналлари ва «Дарё» интернет-нашри каби ОАВ вакиллари бор эди.
Дастлаб Пекинга ташриф буюрган ўзбекистонлик журналистлар Huawei’нинг энг йирик кўргазма марказларидан бирида бўлиб, компаниянинг Операторлик ва Корпоратив сегменти йўналишларидаги энг янги лойиҳалар билан танишди.
Бу ерда журналистлар юқори тезликдаги интернетнинг самарали ишлашига жонли эфирда гувоҳ бўлди. Бундай технология лойиҳалари видео-анжуманларини ташкил этиш, катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш, интернет маҳсулотларининг коммуникациясини таъминлашда кенг қўлланади.
«Huawei ОАВ вакиллари учун бундай кўламдаги медиа-турни ташкил эта олган Ўзбекистон бозоридаги илк компаниялардан бири бўлди. Тур доирасида журналистлар Huawei қандай фаолият олиб бораётгани, қайси мамлакатларда ўз лойиҳалари ва технологияларини тақдим этаётгани ҳамда фойдаланувчиларни яқин келажакда қанай технологик янгиликлар кутаётганига бевосита гувоҳ бўлди», — дейди Huawei Uzbekistan’нинг Жамоатчилик ва давлат идоралари билан алоқалар департаменти директори Даврон Азизов.
«Huawei бундан кейин ҳам ОАВ вакиллари билан ҳамкорликни ривожлантириб боради. Келаси йили минтақавий журналистлар учун медиа-тур ташкил этиш режалаштирилган. Компаниянинг асосий мақсади — технологик жараёнлар ҳақида имкон қадар кўпроқ ахборот бериб, ОАВ вакилларини мақола ва репортажлар орқали Ўзбекистон телекоммуникация ва ахборот-коммуникация технологиялари сектори ривожига ҳисса қўшишларини қўллаб қувватлашдир», — дейди Даврон Азизов.
Медиа-тур доирасида ўзбекистонлик журналистлар нафақат Huawei фаолияти билан, балки Хитой маданияти, тарихи ва меъморчилиги билан ҳам танишишга муваффақ бўлди. Улар Буюк Хитой девори, Пекиндаги «Тақиқланган шаҳар», Шанхайдаги тарихий Юйюань (Шодлик) боғи, замонавий «Шарқ дурдонаси» телеминорасида бўлди, Шэньчжэнда ўнлаб маҳаллий теле- ва радиоканалларни бирлаштирувчи Шэньчжэнь медиа гуруҳи (SZMG) фаолияти билан яқиндан танишди.
Изоҳ (0)