Марказий сайлов комиссияси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроқўми миссиялари, Осиё, Европа, Африка ва Америка қитъасининг қирқдан ортиқ давлатларидан хорижлик экспертлар иштирок этади. Бугунги кунда уларнинг аксарияти сайлов жараёнини бевосита мамлакат ҳудудларида, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги ваколатхоналарида тузилган сайлов участкаларида кузатиб бормоқда. «Жаҳон» ахборот агентлиги экспертларнинг бўлажак сайловлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Мария Людовика Боттарелли Тракуилли-Леале, «Европа аёллари лоббиси» ташкилотининг Италия бўлинмаси бош котиби:
— Ўзбекистонда аввалги сайловларда кузатувчи сифатида қатнашиб, Биринчи Президент Ислом Каримов бошчилигида замонавий демократик институтларнинг ҳуқуқий механизмларини шакллантириш борасида олиб борилган чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлар билан танишиш имконига эга бўлганман. Ўзбекистон фуқаролари сайлов қонунчилиги доирасида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан танишиб бориши учун барча зарур чоралар кўрилган.
Европа фуқаролик жамияти ташкилотлари вакили, қолаверса, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида иш олиб бораётган киши сифатида шуни айтишим керакки, ўзбек аёлларининг сайлов комиссиялари ишида фаол қатнашишидан ҳар доим ҳайратланаман. Бундан ташқари, сайлов участкаларида ёш болали оналарга, умуман, ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун келганларга биринчи тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Сайловда иштирок этаётган халқаро кузатувчилар орасида фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг кўплиги ҳам мамлакатда замонавий демократик давлатни барпо қилишга нечоғли катта аҳамият берилаётганидан далолатдир.
Жо Даниэл,Cloud-Fi компаниясининг бош ижрочи директори (Канада):
— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш Канада парламенти қуйи палатасининг собиқ аъзоси сифатида мен учун катта шараф. Ўзбекистон салоҳияти мамлакатдаги сиёсий плюрализмга асосланади ва бу аҳолининг турли қатламларига давлат ҳамда жамият ҳаётининг долзарб масалаларини ҳал қилишда иштирок этишига кенг имконият яратади.
Демократик сайловларни ўтказишда халқаро кузатувчилар муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли Ўзбекистоннинг Президент сайловини халқаро андозаларга мувофиқ ҳолда ўтказишга тайёрлиги юксак эътирофга лойиқ. Мамлакатдаги сайлов жараёнини бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли миссияси кузатиб бораётгани ҳам қувонарлидир. Бу муҳим қарор бўлиб, пировардида сайлов жараёнининг холислигини таъминлайди, унга кенг жамоатчиликнинг ишончини мустаҳкамлайди.
Изоҳ (0)