Урганч шаҳридаги «Хоразм Равон транс» корхонасининг енгил такси ҳайдовчилари байрам кунлари шаҳар ичи йўналишларида ҳомиладор аёллар ва ногиронларни манзилига бепул етказмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
«Бу ташаббус корхона раҳбарияти ва ҳайдовчиларнинг ўзларидан чиққан. Йил бошидан буён ҳар байрамда корхонага қарашли йўналишсиз такси автомобиллари шаҳар ҳудудида ногиронлар ва ҳомиладор аёлларга текинга хизмат кўрсатмоқда», – дейилади хабарда.
«Хоразм Равон транс» раҳбарияти эндиликда туғуруқхонадан «янги меҳмон» билан чиққан ёш оналарни уйларига бепул етказиб қўйишни ташкил этиш ниятида экани таъкидланди. «Ҳар ким қурби етганча савоб иш қилганига нима ецин! Одамларга яхшилик қилсангиз, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзсангиз, ўзингиз ҳам руҳий ҳаловатга эришасиз. Шундай экан, бошлаган хайрли ишларимизни асло тўхтатиб қўймаймиз», – деди корхона раҳбари Адилбек Ўразов.
«Хоразм Равон транс» кўп йиллардан буён шаҳарда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Ҳозирги кунда корхона тасарруфида 26 та енгил автотранспорт воситаси мавжуд.
Изоҳ (0)