Осиё тараққиёт банки Тошкент вилоятининг Қибрай ва Зангиота туманларида сув таъминотини яхшилашга 120 миллион доллар ҳажмида қарз ажратилишини маъқуллади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» банк матбуот хизматига таяниб. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 260 мингдан зиёд киши хавфсиз ичимлик суви билан доимий равишда таъминланади.
Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё бўлими шаҳар тараққиёти бўйича мутахассиси Хао Чжан сўзларига кўра, лойиҳа уй хўжаликлари ва бизнеснинг сувга харажатларини қисқартириш имконини беради ва турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Вилоят сув таъминоти инфратузилмасининг катта қисми таъмирга эҳтиёжманд.
Сув таъминоти тармоқларини модернизация қилиш билан бирга, лойиҳа орқали ушбу икки тумандаги сув таъминоти соҳаси бошқарув тизимини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.
Изоҳ (0)