Россиянинг кўплаб интернет-нашрларида 14 ноябрь, душанба куни АҚШ президентлигига сайловларда мағлуб бўлган Ҳиллари Клинтон гўёки турмуш ўртоғи Билл Клинтон билан ажралишга қарор қилгани ҳақида янгилик пайдо бўлди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Дастлабки манба сифатида The Christian Times Newspaper газетаси сайти («Christiantimesnewspaper.com») кўрсатилган, бу ерда мазкур хабар 10 ноябрь, пайшанба куни чоп этилганди. Унга кўра, Ҳилларининг адвокатлари Нью-Йорк штати Олий судига тегишли ҳужжатларни жўнатган ва уларда ажрим сабаби сифатида «енгиб бўлмас келишмовчиликлар» кўрсатилган. Бироқ, маълум бўлишича, газетанинг ҳақиқий сайти бошқа манзилда («Christiantimes.com») жойлашган.
Инглиззабон ОАВлар, жумладан, The Huffington Post ва уйдирма янгиликларни фош этувчи «Snopes.com» сайти «Christiantimesnewspaper.com» олдин ҳам сохта янгиликларни эълон қилганини эслатиб ўтди.
Маълумот учун, Ҳиллари ва Билл Клинтон 1975 йилда турмуш қурган бўлиб, уларнинг Челси исмли қизи бор.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)