АҚШ Конгресси Ҳиллари Клинтон Давлат котиби лавозимини эгаллаган чоғда хизмат ёзишмалари учун шахсий компьютеридан фойдалангани билан боғлиқ ишни текширишда давом этади. Бу ҳақда вакиллар палатаси назорат ва ҳукумат ислоҳотлари қўмитаси раиси Жейсон Чаффетц маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Клинтоннинг иши бўйича текширув давом этади. Сайловлар ўтди, деб уни тинч қўядиган бўлсам, лавозим бўйича зиммамга юклатилган вазифани бажаришдан бўйин товлаган бўламан. Иш охиригача етказилиши ва бундай ҳодиса ҳеч қачон қайтарилмаслиги кафолатланиши керак», — дея таъкидлади Чаффетц Fox News телеканалига берган интервьюсида.
Конгрессменга кўра, шахсий электрон почтасидан хизмат мақсадларида фойдаланиш муаммоси фақат Клинтоннинг ўзига эмас, унинг атрофидаги ўнлаб кишиларга ҳам тегишли. Ҳукуматда ҳали ҳам мазкур ҳодисага алоқадор мансабдорлар ишлашда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ҳиллари Клинтон АҚШ президентлигига сайловларда мағлубиятга учрашида Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) раҳбари Жеймс Комини айблагани маълум қилинганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)