Жанубий Корея прокуратураси мамлакат президенти Пак Кин Хенинг икки собиқ ёрдамчисини коррупция ва хизмат ваколатини суиистеъмол этиш иши бўйича сўроқ қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Ан Бон Гин ва Ли Чже Ман бугун Чхве Сун Силь иши юзасидан кўрсатма берди», — дейилади прокуратура сайтига жойлаштирилган қисқа хабарда. Бу билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар маълум қилинмади. Сўроқ қилинганлар журналистларга тергов билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини билдирди.
Икки ёрдамчи ҳам уларнинг президент дугонаси Чхве Сун Силь атрофидаги можарога алоқадорликлари ҳақида ОАВларда хабарлар пайдо бўлганидан сўнг ўтган ойда истеъфо берганди. Жанубий Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари Силь хоним мамлакат етакчисига яқинлигидан йирик корпорациялардан пул таъма қилишда фойдаланган деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Корея прокуратураси тарихда биринчи марта мамлакат президентини сўроқ қилиши мумкинлиги маълум қилинганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)