Германиянинг Мозори Шарифдаги бош элчихонаси яқинида ва дипломатик миссия ҳудудида жанговар тўқнашувлар бўлиб ўтди, деб ёзади Kazakhstan Today Германия ташқи ишлар вазирлигига таяниб.
«Воқеа жойига Афғонистон хавфсизлик кучлари ва ‘Қатъий кўмак’ миссиясида иштирок этаётган ҳарбийлар етиб борди. Вазир Штайнмайерни доимий равишда хабардор қилиб туришибди», — дейилади ТИВ хабарида.
Портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобиль элчихонани ўраб турган деворга бориб урилган. Сўнг дипломатик ваколатхона яқинида ва унинг ҳудудида жанговар ҳаракатлар юз берди. Портлаш туфайли элчихона жойлашган туман тўлиқ электр токисиз қолди.
Аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер теракт муносабати билан кризис штабини тузишни буюрган эди.
Портлаш маҳаллий вақт билан 10 ноябрь, пайшанба куни 23:05 атрофида (Тошкент вақти билан 23:35) да содир бўлган.
«Толибон» ҳаракати ушбу теракт АҚШнинг Қундуз провинциясига берган авиазарбаси учун қасос эканлигини маълум қилди, ўшанда 30 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган эди.
DPA агентлиги хабарига кўра, толибларнинг бош элчихонага ҳужуми оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди,яна 120 га яқини яраланди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси — Афғонистон фуқаролари.
Германия ТИВ элчихонага ҳужум қайтарилганини, дипломатик миссия ходимларидан ҳеч бири зарар кўрмаганини маълум қилди.