АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуден ошкор қилган маълумотлар АҚШ президентлигига сайловлар натижаларига таъсир қилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда қочоқ америкаликнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Анатолий Кучерена маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».
«Ўз хатти-ҳаракатлари билан Эдвард Сноуден ҳаммага, аввало, ўз ҳамюртларига Америка ҳукумати инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузаётгани ва қонунга зид фаолият олиб бораётганини айтмоқчи бўлди. Натижада АҚШ фуқароларида амалдаги ҳукумат ҳақида муайян фикр пайдо бўлди ва у президентлик сайловлари натижасида ўз аксини топди», — деди Кучерена.
Унинг фикрича, «демократларнинг мағлубияти уларнинг бутун дунё бўйлаб тажовузи туфайли олдиндан аниқ эди».
«АҚШ фуқаролари Обама маъмурияти бир нарсани гапириб, амалда эса бошқача иш тутганини кўрди. У Гуантанамо турмасини ёпишга ваъда берди, бироқ у ҳамон яшаб, гуллаб-яшнамоқда. Америкалик ҳарбий хизматчилар мамлакатдан ташқаридаги жанговар ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Бу ҳам, табиийки, АҚШ аҳолисининг катта қисмига ёқмайди», — деди Кучерена.
Унинг қўшимча қилишича, бунда катта ролни АҚШ ҳукумати нафақат оддий фуқароларни, балки чет мамлакатлар етакчиларини яширинча тинглаш орқали нималар билан шуғулланаётганини бутун дунёга ошкор қилган Сноуден ўйнаган.