Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқотда бўлди. Бу ҳақда Британия ҳукумати раҳбари девонхонаси маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Девонхонага кўра, Мэй ва Трамп «АҚШ ҳамда Буюк Британия муносабатлари ўта муҳимлиги ва уларга таяниш иккиси учун ҳам аҳамиятли бўлиши»ни таъкидлаган. Бош вазир Трампни «машаққатли курашда эришилган ғалаба» билан табриклади. Британия Евроиттифоқни тарк этаётганлиги муносабати билан икки мамлакат ўртасидаги савдо ва инвестиция соҳаларидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш истагини айтиб ўтди.
Трамп Британия билан тиғиз ва шахсий алоқалари мавжудлигини маълум қилиб, Вашингтон ва Лондон ўртасидаги чуқур муносабатлар фақат ривожланиб боришига умид билдирди. Суҳбатдошини Қўшма Штатларда имкон борича тезроқ кўришишга чақирди.
Шу билан бирга, Британия ОАВлари икки давлат ўртасидаги «алоҳида муносабатлар» таъкидланганига қарамай, Мэй Трамп телефон орқали гаплашган атиги ўнинчи давлат етакчиси бўлганига эътибор қаратди. Бош вазирга қадар АҚШнинг сайланган президенти билан Жанубий Корея, Япония, Миср, Австралия, Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Мексика ва Ирландия етакчилари суҳбатлашишга улгурган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.