10 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг Бухоро вилояти сайловчилари ва жамоатчилиги билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. Учрашув Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Дастлаб номзоднинг ишончли вакили Саиджон Ҳамроев йиғилганларни Сарвар Отамуратов таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг номзод сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён этди.
Дастурда, энг аввало, маънавий-маърифий соҳага алоҳида эътибор берилганлигини таъкидлар экан, номзод «Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ» тамойили асосида тарихни холис ва тизимли ўрганиш, бу борада ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашда бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихининг бузиб, сохталаштириб талқин этилишига қарши курашиш лозимлиги хусусида гапирди.
Сарвар Отамуратов маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музейлар, архивлар, кутубхоналарда ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекциялар ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратар экан, ушбу ҳолат Бухоро вилояти учун ҳам долзарб аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон, хусусан, Бухоро вилояти кўп асрлик тарихга ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг ҳаммаси мамлакатда улкан салоҳияти ҳозирча тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш имконини беради.
Номзод мазкур масала Бухоро вилоятида ҳам долзарблигини эътироф этган ҳолда туризм вилоят иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди. Туризм республиканинг барча ҳудудлари қатори Бухорода ҳам бугунги кунда муҳим бўлиб турган қўшимча иш ўринларини яратиш, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Сарвар Отамуратов ўз сайловолди дастурида сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ҳамда сайёҳлик логистикасини такомиллаштиришни, сайёҳлик индустрияси билан боғлиқ хизматларнинг турли соҳаларига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш каби вазифаларнинг белгиланганлигини алоҳида эътироф этди.
«Шу ўринда ҳаётимизда мавжуд яна бир муаммога эътибор қаратишни истайман, — деди номзод учрашувда. — У ҳам бўлса, айрим ҳолларда бўлсада, вояга етмаганлар ўртасида турмуш қуриш ҳолатлари ҳали-ҳамон учраб турганлигидир. Эрта турмуш ва эрта туғруқларнинг олдини олиш борасида аниқ ва таъсирчан чоралар кўриш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишлари, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолида эрта никоҳга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантиришимиз лозим. Оила ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш бўйича кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш мақсадида қонунчилигимизни янада такомиллаштирамиз. Зеро, буюк аждодларга баркамол авлод муносиб».
Учрашувда «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод баркамол авлод тарбияси ҳақида гапирар экан, ёшларнинг маънавий камолоти билан бир қаторда уларнинг жисмонан етуклигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зурурлигини таъкидлади. Бунда, номзод «Фарзандлари соғлом ва баркамол юрт қудратли бўлур» шиори остида мамлакатда кенг қулоч ёйган ва умуммиллий вазифага айланган болалар спортини ҳар томонлама ривожлантириш даркор, деб ҳисоблашини айтди.
Учрашувда Сарвар Отамуратов дастурнинг бошқа соҳаларига ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Дастурда белгиланган вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Номзоднинг Дастурини қўллаб-қувватлаб Бухоро давлат университети ректори А. Тўлаганов, «Ўзбектуризм» миллий компанияси Бухоро минтақавий бўлими бошқарувчиси ўринбосари Б. Идиев, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро инспекцияси бошлиғи А. Муҳамедов ва бошқалар сўзга чиқди.
Учрашув сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди.
Изоҳ (0)