Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида пойтахтда фаолият юритаётган академик лицей ва коллеж раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Тошкентда фаолият юритувчи академик лицей ва коллежларнинг 70 нафар директорлари иштирок этди.
Учрашув давомида Корея Республикасидаги Инҳа университети вакиллари жорий йилда очилган Jungseok International School of Global Studies (Jungseok ISGS, Глобал тадқиқотлар халқаро мактаби) дастурини тақдим этди.
Бу йилдан бошлаб Корея Республикасидаги Инҳа университети Jungseok ISGS дастурини очди. Jungseok ISGS дастури ёшларга Корея Республикасидаги Инҳа университетида таълим олиш ҳамда глобал тадқиқотлар соҳасида бакалавр даражасини олиш имконини беради. Дастур томонидан аълочи талабаларга грантлар кўзда тутилган.
Мазкур дастур глобал бизнес соҳасида етакчиларни тайёрлашга қаратилган ҳамда халқаро бизнес, халқаро савдо, моддий-техник ва маданий бошқарув соҳасидаги асосий мавзуларни қамраб олади. Барча курслар инглиз тилида ўтилади.
Дастур шунингдек, талабаларга корейс тили ва Корея Республикаси маданиятини ўрганиш имкониятини ҳам тақдим этади.
Корея Республикасидаги Инҳа университетида таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун абитуриентлар ҳужжатлар тўплами ҳамда 5,5 баллдан кам бўлмаган IELTS сертификатини тақдим этиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, IELTS сертификати 7,0 баллдан юқори бўлган абитуриентлар Корея Республикасидаги Инҳа университетининг грантига эга бўлиши мумкин.
Учрашувдан сўнг ўрта махсус ўқув юртлари вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида талабалар ва ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Лицей ва коллеж раҳбарлари учрашув давомида Jungseok ISGS дастури ҳақида олган маълумотларни ўқув юртларида таълим олаётган ёшларга етказади.
Изоҳ (0)