Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродов Жанубий Кореяга термасига қарши ЖЧ–2018 турнирига учинчи саралаш босқичи 5-тур ўйини олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати.
«Жанубий Корея – Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Олдинда бизни жуда қийин баҳс кутиб турибди. Аммо яхши натижа билан сафардаги ўйиндан қайтиб келишга ҳаракат қиламиз. Уларга қарши жамоавий ва ҳужумкор ўйин кўрсатиб, ғолиб бўлишга уринамиз. Жанубий Кореянинг ҳужум чизиғи жуда кучли. Лекин ҳимояда уларда хатолари етарли. Биз айнан ўша хатолардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз», – деди Шомуродов.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 4 ноябрь куни Тошкентда йиғинга киришди. Машғулотларга терма жамоанинг хориж лигаларида ҳаракат қилаётган футболчилари келиб қўшилишда давом этмоқда. 8 ноябрь кунидан бошлаб йиғинга таклиф этилган 24 футболчининг барчаси жамланади ва миллий терма жамоа тўлиқ таркиб билан машғулотлар олиб боради.Мазкур йиғин доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Ўйин 10 ноябрь куни «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади. Учрашув соат 17:00 да бошланиши режалаштиришган.
Маълумот учун, ЖЧ–2018 саралашининг учинчи босқич 5-тури доирасидаги Жанубий Корея – Ўзбекистон учрашуви 15 ноябрь, сешанба куни Сеулда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)