АҚШнинг AT&T телекоммуникация компанияси HBO ва CNN телеканаллари, шунингдек, Warner Bros. киностудиясига эгалик қилувчи Time Warner медиаконгломератини сотиб олиш борасида келишувга эришди, дея хабар бермоқда Meduza.
Келишув қиймати 85,4 миллиард долларга тенг. Reuters мазкур битимни «жаҳон бўйича йилнинг энг йирик келишуви» деб атамоқда.
Келишув давлат тартибга солувчи органлари томонидан маъқулланиши лозим. Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп, агар президент этиб сайланса, мазкур келишувга тўсиқ қўйишини маълум қилди. «Бу жуда кам одамларнинг қўлида жуда катта ҳокимиятнинг тўпланиб қолишидир», — деди Трамп.
Reuters’нинг ёзишича, Шимолий Америкада AT&T телекоммуникация компаниясининг 142 миллионга яқин абоненти бор. 38 миллионга яқин киши компанияга тегишли DirecTV ва U-verse видеосервисларидан фойдаланади.
Time Warner компаниясига Warner Bros., New Line Cinema киностудиялари, HBO, CNN телеканаллари, DC Comics нашриёти тегишли. Компания 2014 йили 21st Century Fox компаниясининг 80 миллиард долларлик таклифига рад жавобини берган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)