Facebook компанияси раҳбари Марк Цукерберг Дональд Трампнинг ўта кескин постлари цензурага дуч келмаслиги ва уларни ижтимоий тармоқда блокламаслик ҳақида шахсан буйруқ берди. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Нашрнинг маълум қилишича, Цукерберг АҚШ президентлигига номзоднинг баёнотларини блокламаслик ҳақидаги қарорини ўтган йилнинг декабридаёқ қабул қилган эди. Ижтимоий тармоқ асосчиларидан бири ўз позициясини Республикачилар партиясининг сайловолди пойгаси етакчиси барча мусулмонларнинг АҚШга киришини тақиқлашни ёқласа ҳам унга нисбатан цензура қўллашга йўл қўйиб бўлмаслиги билан асослаган.
Цукербергнинг қарори унинг қўли остида ишловчи аксарият ходимларнинг шикоятларига сабаб бўлди. Улардан баъзилари ижтимоий тармоқ ахлоқ нормаларининг бузилишидан шикоят қилса, бошқалари норозилик белгиси сифатида ишдан бўшаш билан таҳдид қилган.
Facebook матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ҳар бир алоҳида ҳолатда асосан қарашларнинг кескинлиги эмас, билдирилган фикрларнинг маъноси ўрганилади.
Изоҳ (0)