Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Хон балиқ» форел хўжалиги дам олиш масканида «Мен севган ўзбек таоми» I Халқаро пазандачилик фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси, Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўзаро ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда дипломатлар, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идора, қўшма корхоналар вакиллари иштирок этди. Анжуман ўзбек миллий пазандачилик санъатини дунё халқлари орасида тарғиб этиш мақсадида уюштирилди.
Тадбир доирасида вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, Россия, Индонезия, Озарбайжон, Бангладеш, Хитой, Украина, Қирғизистон ва бошқа қатор хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари томонидан тайёрлаган таомлар намойиш этилди. Ўзбекистоннинг «Гастрономик туризм» харитасини тузиш мақсадида «Ҳудудий антиқа таом» мавзусидаги кўрик-танлов ҳам ўтказилди.
— Ўзбекистон жаҳон сайёҳлик марказларидан бири бўлгани боис кўплаб сайёҳлар келади. Шундай бўлса-да, миллий таомларни чет элларда тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Уюшма мутахассислари томонидан тайёрланган «Ўзбек анъанавий таомлари» китоби ўзбек, рус, инглиз ва немис тилларида чоп этилди. «Ўзбек урф-одатлари, анъаналари ва миллий таомлари» немис тилида нашрдан чиқди. Яқинда «Индонезия анъанавий таомлари» китоби ўзбек тилида ўқувчилар эътиборига тақдим этилди. Ўзбек миллий таомларини хорижий мамлакатлардаги қўлланмаларга киритиш борасидаги ишларни давом эттирмоқдамиз, — дея таъкидлади Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров.
Изоҳ (0)