«Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти томонидан айни кунларда кузги-қишки мавсумга тайёргарлик тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда, деб хабар беради ЎзА.
«Бизнинг хизматимиздан фойдаланувчилар 373 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг қарийб 356 минги аҳоли, қолгани улгуржи истеъмолчилардир, — деди ‘Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси’ акциядорлик жамияти бош директори Р. Маматов. — Кузги-қишки мавсумга тайёргарлик тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Таъминот барқарорлигига эришишда электр узатиш тармоқларида технологик йўқотишларни камайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу масала ечими борасида техник янгиланиш ва модернизация тадбирлари бажарилмоқда. Ғиждувон туманидаги ‘Соктаре’, ‘Сармижон’, Олот туманининг ‘Сойин қоровул’, ‘Пахтакор’, Бухоро туманидаги ‘Работиқалмоқ’, ‘Кунжиқалъа’ қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги қарийб 9 километрли электр узатиш симлари алмаштирилди. Бу 12 мингдан зиёд хонадоннинг электр энергия таъминотини яхшилашга хизмат қилади».
Бухоро ва Когон шаҳарларидаги 1063 кўп қаватли уйни энергия билан таъминловчи тармоқларнинг техник ҳолатини тегишли даражада таъминлаш чоралари кўрилди.
Шунингдек, кузги-қишки мавсумга тайёргарлик доирасида қарийб 2 минг трансформатор мукаммал ва жорий таъмирланди. 2 мингдан ортиғи кўрикдан ўтказилиб, камчиликлар бартараф этилди.
Белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, вилоятдаги 534 умумтаълим мактаби, 347 мактабгача таълим муассасаси, 469 шифохона ва бошқа тиббий муассасаларга электр етказиб берувчи қурилмаларни мавсумга тайёрлаш ниҳоясига етказилмоқда.
Изоҳ (0)