Тошкентда 3 октябрь куни шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон—Япония конференцияси бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Конференцияда Ўзбекистоннинг геодезия, қурилиш, транспорт, табиатни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари, электротехника, энергетика, кимё ва коммунал соҳалардаги вазирлик ва идоралари мутасаддилари иштирок этди. Япониянинг «Шимидзу», «Фужита», «Марубени», «Панасоник», «Токио Роуп Инжиниринг», Itochu, Mitsubishi, Toyota Suse, «НЭК» каби йигирмадан ортиқ йирик корпорация вакиллари ўз ташкилотлари ва хизматлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда шаҳарсозлик замон талаблари асосида ривожланаётгани, инфратузилма объектларини қуриш ва модернизациялаш ишлари иқтисодиёт ривожига хизмат қилаётганини таъкидлади. Инфратузилма объектларини қуриш ва модернизация қилиш, автомобиль ва темир йўл тизимини ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари, табиий офатларнинг олдини олиш ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини тақдим этди.
Тадбир доирасида ташкил этилган кооперация биржасида икки мамлакат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, томонларни қизиқтирган соҳалар бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Конференцияда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Япониянинг «Шимидзу» корпорацияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Япония делегацияси мамлакатнинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказди.