АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги канадалик таниқли телебошловчи томонидан ижарага олинган уйда 23 сентябрь, жума куни эркак кишининг жасади топилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳалок бўлган шахс 41 ёшли канадалик актёр Ричард Хонг бўлиб чиқди. Оғир бош жароҳати бор жасад полиция томонидан канадалик телебошловчи Жорж Струмбулопулос сафарда бўлган вақтда, унинг Голливуддаги уйидан топилган.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари Хонг ўғриларнинг қурбонига айланган деб тахмин қилмоқда. Гувоҳлар жасад аниқланган уйдан шубҳали кимса югуриб чиқаётганини кўрганини маълум қилган. Номаълум кимса қидирилмоқда.
Струмбулопулос ҳалок бўлган актёр унинг яқин дўсти бўлгани ва у сафардалигида унинг уйида меҳмон бўлиб тургани ҳақида баёнот берди.
Ричард Хонг катта оммага таниш эмас. Маълумотларга кўра, у иккита кинофильм ва битта сериалда суратга тушган.
Изоҳ (0)