Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон қизлар терма жамоаси 140 мамлакат орасида 22-ўринни қўлга киритганди. Мусобақадан сўнг «Оламспорт» нашри жамоа етакчиси Нафиса Мўминова билан суҳбатлашди.
«Боку энг яхши Шахмат Олимпиадасини ташкил қиламиз деб ҳаракат қилганди, улар бунинг уддасидан чиқди», — деб сўз бошлади Нафиса Мўминова.
Журналистнинг 11 та ўйинда қўлга киритилган энг ёқимли ғалаба ва энг аламли мағлубияти тўғрисидаги саволига Нафиса ўзи имкониятни бой бериб қўйган баҳс энг аламлиси эканини айтиш билан жавоб қайтарди:
«Голландияга қарши ўйинда мен позицияни ютқазиб қўйдим. Шу туфайли биз 1,5:2,5 ҳисобида мағлуб бўлдик. Бу менга жуда ёмон таъсир қилди. Мураббийдан сўнгги тур учун мени қўймаслигини сўрадим. У бунга кўнмай, ўйнашим кераклигини айтди. Ўша куни Словакияни мағлуб этдик, бу энг ёқимли ғалаба бўлди. Мен рақибим билан дуранг ўйнаган бўлсам ҳам».
Нафиса Мўминова аёллар термасида Сарвиноз Қурбонбоева ўз имкониятидан юқорироқ ўйнаганини эътироф этиб, дугоналари Ирини, Гулруҳбегим ва Нодира имкониятидан пастроқ дона сурганини тан олди.
Нодира Нодиржонованинг нима сабабдан қолган қизларга қараганда камроқ беллашув ўтказганига сабаб сифатида, унинг фарзандли бўлгани ва формасини тиклаш учун вақт кам бўлгани кўрсатилди:
«Нодира фарзандли бўлди ва терма жамоага яқинда қайтди. Спорт формасини тиклашга улгурмади. Шу боисдан мураббий бир қатор ўйинларда уни ўйнатмади», — деди ўзбекистонлик шахматчи.
Нафиса Мўминова эркаклар терма жамоасининг 180 мамлакат орасида 39-ўринни қўлга киритганини ўйин амалиётининг етишмаслиги билан боғлади. Суҳбат сўнггида йил охирига қадар ҳеч қандай турнир йўқ экани ҳақида айтиб, асосий эътиборини мактабга — ўқувчиларига қаратишини маълум қилди.
Изоҳ (0)