Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, лицей ва коллежларда профилактик ишларни кучайтириш мақсадида ташкил этилган тадбир доирасида жойларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда ЎзА.
«Соҳамиз ходимлари таълим муассасаларида бўлиб, ўқувчилар ўртасида йўлларда ҳаракатланиш тартиб-қоидалари ҳақида суҳбатлар ўтказмоқда», — дейди Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Карим Умаров.
Транспорт воситалари серқатнов бўлган йўл ва кўчаларда пиёдалар ўтиш жойлари йўл чизиқлари билан белгиланган. Транспорт воситалари ҳаракати тиғиз вақтларда жамоатчи автоинспекторлар, автокорхоналарнинг ҳаракат хавфсизлиги муҳандислари ва ҳайдовчилар тайёрлаш ўқув муассасалари вакилларининг навбатчилиги ташкил этилди.
Бухоро шаҳри ҳудудида жойлашган ва халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари ёқасидаги умумтаълим мактабларига қатновчи ўқувчиларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда алоҳида йўл-патруль хизмати отрядлари ҳамкорлик қилмоқда.
Автомобиль йўлларида транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 420 дан ортиқ янги йўл белгиси ўрнатилиб, 900 га яқин яроқсиз белги алмаштирилди.
«Диққат, болалар!» тадбири давомида тўпланаётган тажриба автотранспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)