Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг 13 сентябрдаги фармонларига асосан Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири ўзгарди. Бу ҳақда Ҳукумат портали хабар бермоқда.
Хабар беришларича, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчининг ПФ-4836-сон фармонига мувофиқ Алишер Ваҳобов олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан озод этилган.
Айни вақтда, Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган ПФ-4837-сон фармонига мувофиқ, Рустам Қосимов Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тасдиқланган.
«Газета.uz»нинг қайд этишича, Алишер Ваҳобов 2014 йил апрелидан бери олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Унинг ўрнини эгаллаган Қосимов эса 2004—2008 йилларда ҳам шу вазирликка раҳбарлик қилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимидан озод этилган Мажид Каримов олий ва ўрта махсус таълим вазирининг фан бўйича ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
Ҳукумат таркибидаги бошқа ўзгаришлар:
- Ўзбекистон бош вазири ўринбосари лавозимидан озод этилган Мажид Каримов олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари этиб тайинланди
- Абдулла Арипов ҳукумат таркибига қайтди
- Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов жисмоний тарбия ва спорт масалаларига ҳам масъул этиб тайинланди
- Рустам Азимовга таълим ва фан соҳаларига ҳам раҳбарлик қилиш юклатилди
Изоҳ (0)