Ўзбек Миллий академик драма театрининг янги 102-ижодий мавсуми очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирга ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, театр фидойилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар, санъат мухлислари таклиф этилди.
Тадбир аввалида иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Театр жамоаси илк бор 1945—1948 йилларда Уйғун ва Иззат Султон асари асосида «Алишер Навоий» спектаклини намойиш этган. Ушбу драмага театр ижодий жамоаси қайта-қайта мурожаат этиб, мазкур асар бир неча марта саҳна юзини кўрди.
Спектаклда Навоий ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов, Гули ролини Дилноза Кубаева ижро этмоқда. Шунингдек, асосий ролларда Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Саидкомил Умаров ва бошқа артистлар ўйнамоқда. Ранг-баранг саҳна безаклари, ўша даврни акс эттиришга хизмат қилувчи декорациялар, лазерли ёритиш технологиялари спектаклнинг таъсирчанлигини ошириш имконини берди. Спектаклда бастакорлар Икром Акбаров, Нурилла Зокиров, Мустафо Бафоев, Рустам Абдуллаев асарларидан кенг фойдаланилган.
Изоҳ (0)