Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигаси 21-тур учрашувлари Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бир дақиқалик сукут билан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот хизматининг Telegram’даги каналида ахборот берилган.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабарига кўра, Олий Лига 21-тур учрашувлари 9—10 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Хусусан, 9 сентябрь куни «Металлург» — «Пахтакор», «Қизилқум» — «Қўқон-1912», «Насаф» — «Бухоро», «Сўғдиёна» — «Андижон», «Навбаҳор» — «Олмалиқ», «Локомотив» — «Шўртан», «Нефтчи» — «Машъал» учрашувлари, 10 сентябрь куни эса «Бунёдкор» — «Обод» баҳси бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 6 сентябрь куни ЖЧ—2018 саралаши доирасида Қатарга қарши ўтказган ўйини олдидан ҳам Ислом Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақланди, ўзбекистонлик футболчилар эса қора боғичда тўп сурди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.