Дубай расмийлари Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум номидаги, қиймати 272 миллион долларга тенг бўлган кутубхона қурилиши лойиҳасини бошлади. Кутубхона араб дунёси маданият соҳасидаги энг йирик лойиҳа бўлади. Бу ҳақда Arabian Business нашри маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Қурилиш жорий йилнинг сентябрида бошланиб, 2018 йилнинг ўртасида якунланади.
Кутубхона майдони 650 минг квадрат метрни ташкил этиб, йилига 42 миллион ташриф буюрувчини қабул қила олади. Унинг жамғармасида 4,5 миллиондан ортиқ китоб — 1,5 миллион босма, шунингдек, аудиокитоб ва рақамли китоблар бўлади. Кутубхона ичкарисида саккизта алоҳида ихтисослаштирилган кутубхона жойлашади.
Бино очиқ китоб шаклида қурилади. Унда йилига 100 дан ортиқ маданий тадбир ўтказилади. Музей ва бошқа муассасалар унинг ичидан жой олади.
Дубай муниципалитети вакилларининг сўзларига қараганда, кутубхонанинг асосий мақсади ўқишни тарғиб қилиш, шунингдек, араб тилини ҳимоя қилиш ва маданий меросни сақлаб қолишдан иборат.
Изоҳ (0)