Ким Чен Ин 5 сентябрь, душанба куни КХДР стратегик қўшинлари таркибига кирувчи «Хвасон» артиллерия қисмларида модернизацияланган баллистик ракеталар парвозига раҳбарлик қилди, деб ёзади «ТАСС» Корея марказий телеграф агентлигига таяниб.
Корея Меҳнат партияси ва республика Давлат кенгаши раиси «ядро кучларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш орқали, даф қилиш ҳарбий салоҳиятини янги босқичга чиқариш зарур деб ҳисоблайди».
«КХДРда водород бомбаси синови ўтказилган тарихий йилда ядро кучларини мустаҳкамлашда янги муваффақиятларга эришиш керак», — деди давлат раҳбари.
«Хвасон» артиллерия қисмлари олдига «кутилмаган вазиятлар юзага келган тақдирда Тинч океанидаги Америка базаларига зарба бериш» вазифаси қўйилди.
5 сентябрь, душанба куни Шимол маҳаллий вақт бўйича 12:14 атрофида (Тошкент вақти бўйича 08:14 да) Хванхе-Пукто провинциясидаги Хванчжу уездидан учта баллистик ракета учирган эди. Шимолий Корея Япон денгизига қарата отган баллистик ракеталардан камида биттаси Япония ҳаво ҳужумига қарши мудофаасининг идентификация ҳудудига келиб тушди.
Изоҳ (0)