Эрон ҳукумати ҳаж атрофидаги вазиятга сиёсий тус бермоқда ва Ислом Республикаси фуқаролари ҳаж зиёратига боришини истамаяпти. Бундай баёнот билан Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Наиф Ал Сауд чиқиш қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Зиёратчилар ҳажга боришини истамаётган томон — Эрон ҳукумати», — деди у. Тахт вориси Теҳрон Макка ва Мадинадаги муқаддас қадамжоларга зиёратга сиёсий руҳ беришга интилаётганини таъкидлади.
«Қироллик бошқа зиёратчиларга яратилаётган шароитларни эронликларга ҳам тақдим этмоқда. Мавсум бошланишига қадар Эрон ҳаж миссияси ўз фуқаролари учун бошқа мамлакатлар риоя қиладиган стандартлардан фарқ қилувчи алоҳида шароитларни талаб этди», — дея аниқлик киритди Муҳаммад бин Наиф.
Аввалроқ Эрон етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий муқаддас зиёратгоҳларни бошқариш тизимини қайта кўриб чиқишга чақирган ва қиролликни ҳаж зиёратини ташкиллаштириш борасида кескин танқид қилган эди.
Хоманаий ўтган йили Мина водийсида юз бериб, 800 кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиани эслатиб ўтди.
Изоҳ (0)