Футбол бўйича АҚШ чемпионати – MLS’нинг 28-туридан ўрин олган «Нью-Йорк Сити» ва «Ди Си Юнайтед» клублари ўртасидаги учрашув олдидан «шаҳарликлар» раҳбарияти англиялик ярим ҳимоячи Фрэнк Лэмпардни фаолияти давомида киритган 300-голи билан табриклашга қарор қилди, деб хабар бермоқда «Корреспондент.net».
Учрашув олдидан 38 ёшли футболчига елкасига 300 сони ёзилган хотира футболкаси ва махсус узук совға қилинди. Аммо Sky Sports «Нью-Йорк Сити» раҳбарияти ҳисоб-китобда хатога йўл қўйганини маълум қилди. Аслида мазкур учрашув олдидан Лэмпард ҳисобида 299 гол билан майдонга тушган.
Маълум бўлишича, 1999 йили Лэмпард «Вест Ҳэм» сафида тўп сураётган вақтда «Астон Вилла»га қарши Англия Кубоги ўйинида иштирок этганди. Ўша ўйинда ярим ҳимоячи гол урганди, аммо кейинроқ учрашув натижаси бекор қилиниб, «Вест Ҳэм»га техник мағлубият ёзилган. «Нью-Йорк Сити» раҳбарияти йўқ голни ҳисобга олган.
Шунга қарамай, Фрэнк Лэмпард фаолиятидаги 300-голини киритишга муваффақ бўлди. «Ди Си Юнайтед»га қарши ўйиннинг 85-дақиқасида англиялик хавбек гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди ва фаолиятидаги 300-голига муаллифлик қилди. 6 дақиқа ўтар-ўтмас рақиблар ҳисобни яна тенглаштирди.
Ўйиннинг 93-дақиқасида Лэмпард яна катта саҳнага чиқиб, ўйиндаги иккинчи, фаолиятидаги 301-голини киритди.
Изоҳ (0)