Қирғизистон ҳукуматида бош вазир ўринбосари Гулмира Худойбердиева бошчилигида Москвадаги ёнғинда ҳалок бўлганлар яқинларига ёрдам бериш бўйича штаб тузилди. Президент Алмазбек Атамбаев кўрсатмасига мувофиқ қурбонларнинг жасадини ватанига етказиш учун махсус самолёт ажратилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизматига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
28 август, якшанба куни Худойбердиева бошчилигидаги ҳукумат ишчи гуруҳи Москвага йўл олди. Гуруҳ таркибига мамлакат фавқулодда вазиятлар вазири, соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат миграция хизмати вакиллари, шифокорлар ва психологлар кирган.
Матбуот хизматига кўра, ҳалок бўлганларнинг жасадини Қирғизистонга олиб келиш харажатлари бўйича барча масалалар ҳукумат томонидан ҳал этилади.
Эслатиб ўтамиз, 29 август Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди.
Изоҳ (0)