Ҳиндистон шарқидаги Ғарбий Бенгалия штатидаги тартибсизликлар оқибатида камида 1 киши ҳалок бўлди, 13 киши, шу жумладан, 9 нафар полиция ходими жароҳат олди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органларининг маълумотига кўра, Муршидобод округининг Жхикра қишлоғи аҳолиси вайрон бўлган электр узатиш линиясининг тикланишини талаб қилиб, 28 август куни эрталаб миллий шоссени ўраб олди. Полициячиларнинг оломон билан музокараси натижа бермагач, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни тўқмоқ билан тарқатишга уринди. Бунга жавобан қишлоқ аҳолиси полициячиларни тошбўрон қилди.Қарама-қаршилик 4 соатдан узоқ давом этди. Ушбу вақт мобайнида иккита полиция машинаси, 15 та йўловчи автобуси ва маҳаллий мансабдорнинг автомобилига зарар етказилди. Тартибсизликни ташкиллаштиришда гумонланаётган 26 нафар киши ҳибсга олинди. Суриштирув ишлари давом этмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, Жхикрадаги электр узатиш линияси бир ҳафта олдин бузилган эди. Маҳаллий ҳукуматнинг нуқсонларни зудлик билан бартараф қилиш ваъдасига қарамай, қишлоқ аҳолиси электр тармоғисиз қолаётган эди.
Изоҳ (0)