Тошкентда дарс вақти қарта ўйнаган мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва синф раҳбари жазоланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқ саҳифаларида “Мактабми бу ёки қиморхона?” сарлавҳаси остида видео тарқалганди. Унда бир неча ўқувчилар дарс пайтида орқа партада қарта ўйнаб ўтиргани акс этган.
Расмий маълумотда билдирилишича, видео 2024 йил 23 апрель куни Юнусобод туманидаги 235-сонли мактабда тарих фани дарсида олинган. Тўрт нафар 8-“Б” синф ўқувчилари дарс жараёнига халақит қилиб, “қартабозлик” қилган.
Ушбу ўқувчиларнинг ота-оналари мактабга чақиртирилиб, Миллий гвардия, ИИБ ходимлари, психолог ҳамда мактаб маъмурияти иштирокида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ўқувчиларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан жарима қўлланган. Синф раҳбари Н.Б.га нисбатан интизомий чора кўрилган.
Изоҳ (0)