Наманган шаҳрида террорчилик ташкилоти тарафдори бўлган гуруҳ фош этилган. Бу ҳақда 19 июль куни Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали исломий давлат қуришни тарғиб қилиш билан шуғулланган. Хусусан, Telegram’да канал ва гуруҳлар очиб, “Ислом давлати” террористик ташкилоти материалларини тарқатган. Ёшларни шариат ҳукми асосида жиҳодий руҳда улғайтириш, Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий ва диний ўзгаришларга қарши норози кайфиятда тарбиялашга уринган.
“Каналларда исломий давлат ёки халифалик асосларини омма орасида тарғиб қилишга қаратилган постлар ва диний даъватлар жойлаштириб келинган”, дейилади хабарда.
Манбага кўра, гуруҳ аъзоларидан бири Наманган шаҳрида жойлашган хусусий университет таъсисчиси ҳисобланади.
Ҳозирда гуруҳ ташкилотчиси ва уч нафар фаол аъзосига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Фош этилган жамоатнинг қолган аъзоларига нисбатан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дея қайд этган ДХХ ахборот хизмати.
Аввалроқ Қўқонда “Ҳизб ут-таҳрир”нинг яширин гуруҳи аъзолари қамоққа олинганди.
Изоҳ (0)