Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) енгил атлетика бўйича Россия терма жамоасини Анастасия Капачинскаянинг допинг намунаси ижобий чиққани учун Пекин–2008 Олимпиадасида қўлга киритилган 4х400 метр эстафета баҳсларидаги кумуш медалдан маҳрум қилди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтига таяниб, «Газета.ru» хабар бермоқда.
Текширув Капачинскаянинг намунасида иккита тақиқланган препарат – станозолол ва туринаболни аниқлади. 4х400 метр эстафетада Россия терма жамоаси шарафини Анастасия Капачинская билан биргаликда Юлия Гушчина, Людмила Литвинова ва Татьяна Фирова ҳимоя қилган.
Аввалроқ енгил атлетика бўйича Россия аёллар терма жамоаси спринтер Юлия Чермошанскаянинг допинг намунаси ижобий натижа бергани учун Пекин–2008 Олимпиада ўйинларининг 4×100 метр эстафета баҳсларида қўлга киритган олтин медалдан маҳрум этилганди.
Изоҳ (0)