Рио—2016 Олимпиадасининг 75 килограммгача бўлган спортчилари ўртасидаги беллашувда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бектемир Мелиқўзиев финал жангида рингга кўтарилди.
Ҳал қилувчи жангга қадар австралиялик Дениел Льюис, ҳиндистонлик Викас Кришан Ядав, мексикалик Мисаэл Родригес каби спортчиларни мағлуб этган Бектемир Мелиқўзиев, финалда кубалик Арлен Лопесга очколар бўйича имкониятни бой бериб қўйди.
Бектемир Мелиқўзиев Ўзбекистон делегацияси учун Шаҳрам Ғиёсовдан кейинги иккинчи кумуш медални тақдим этди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоасининг медаллари 9 тага етди: 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза.
Олимпиаданинг бокс турнирида Ўзбекистон спортчиларини яна иккита финал кутиб турибди. Ўз вазн тоифасида Шаҳобиддин Зоиров ҳамда Фазлиддин Ғоибназаров олтин медаллар учун кураш олиб боради.
Бунга қадар финал жангларида иштирок этган уч нафар ўзбекистонлик боксчидан Ҳасанбой Дўстматов олтин медалга эга чиққан бўлса, Бектемир Мелиқўзиев ҳамда Шаҳрам Ғиёсовга кумуш насиб қилди.
Изоҳ (0)