Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ART WAY ёшлар театр студиясининг истеъдодли актёрлари ҳамда халқаро ва республика танловлари ғолиблари томонидан 10, 13, 14, 20—21 август кунлари Тошкентдаги Parus оилавий кўнгилочар марказида «Бахтли болалик парвози» номли театрлаштирилган шоу концерт дастури намойиш этилади. Бу ҳақда ART WAY ёшлар театр студияси вакиллари «Дарё»га маълум қилди.
ART WAY ёшлар театр студияси, «Parus» оилавий кўнгилочар маркази лойиҳа ташкилотчилари ҳисобланади.
Ташкил этилган лойиҳа бошқа концерт дастурларидан ноанъанавийлиги билан фарқ қилиб, дастурда ART WAY ёшлар театр студиясининг ёш истеъдодли актёрлари ҳамда республика ва халқаро лауреатлар севимли спектакллардан мусиқий парчалар ва қўшиқлар ижро этиб савдо марказига ташриф буюрган пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини байрам билан қутлайди.
Шу билан бирга Parus оилавий кўнгилочар маркази томонидан меҳмонлар ўртасида танлов ташкил этилиб, биринчи ўрин соҳибига турли совғалар тақдим этилади.
Лойиҳани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб нишонлаш, Тошкент аҳолиси ва меҳмонларига юқори байрамона кайфият улашишдир.
«Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси қошидаги ART WAY ёшлар театр студияси ўзбек миллий санъатини кенг тарғиб этиш, уни янада ривожлантиришга ҳисса қўшиш, янги истеъдод эгаларини кашф этиш мақсадида ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Театр студияси жамоаси томонидан ҳозирги кунга қадар еттита катта спектакл, иккита катта концерт дастури, учта қисқа метражли фильм тақдим этилган. Театр студиясида ҳозирги кунда 30 дан ортиқ истеъдодли ёш актёр фаолият олиб бормоқда.
Изоҳ (0)