Фунт стерлингнинг еврога нисбатан курси 11 август, пайшанба куни 2013 йил августдан буён энг паст кўрсаткичга тушиб қолди, деб ёзади «Ведомости».
MarketWatch таъкидлашича, бунга Буюк Британиянинг Европа иттифоқидан чиқиши (Brexit) мамлакат иқтисодиётида салбий оқибатларга олиб келиши ва Англия банки кўрадиган чоралардан хавфсираш сабаб бўлди. 20:10 ҳолатига кўра, фунтнинг еврога нисбатан курси 0,4 фоизга — бир евро учун 86,23 пенсгача тушиб кетди.
Яқинда чиқарилган статистик маълумотлар референдум натижалари Британия иқтисодиётига таъсир қилганини кўрсата бошлади. Хусусан, июнда уй-жой савдосининг тушиб кетиши 2008 йилдан буён энг сезиларли даражага етди, уй-жой нархининг ошиши эса уч йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушиб қолди.
Иқтисодиётда прогноз қилинаётган секинлашувга жавобан, Англия банки кенг кўламдаги стимуляция дастурини эълон қилди, у база ставкасини 0,25 фоизгача пасайтириш, 60 миллиард фунтлик давлат бондларини сотиб олиш ва банкларга арзон кредитлар тақдим этишни ўз ичига олади.
Изоҳ (0)