Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 2016 йилги мавсумнинг 2-давра ўйинлари старт олди ва 2 август куни иккита беллашув бўлиб ўтди.
Олий Лига дебютанти сифатида чемпионатни бошлаган Тошкентнинг «Обод» клуби 1-даврани сўнгги ўринда якунлаганди. Александр Мочинов жамоаси 2-даврани ғалаба билан бошлади.
«Жар» стадионида «Қўқон—1912» клубини қабул қилган «Обод» футболчилари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 17-дақиқада Отабек Зокиров қўқонлик футболчиларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. 40-дақиқада Дониёр Ҳасанов мувозанатни тиклаган бўлса, 59-дақиқада «Обод» тўпурари Шоҳруз Норхонов жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Ғалаба Тошкент клубини турнир жадвалида 14-ўринга олиб чиқди. Нўъмон Ҳасанов мураббийлик қилаётган «Қўқон—1912» эса сўнгги — 16-ўринга тушиб кетди. Ҳар икки жамоанинг ўртасида «Андижон» жойлашган.
2-давра олдидан бир қатор ҳаридларни амалга оширган Навоийнинг «Қизилқум» клуби 2-даврани ғалаба билан бошлади. Муборакда «Машъал» меҳмони бўлган жамоа Неманя Ёвановичнинг 51-дақиқадаги голи эвазига зафар қучди.
«Қизилқум» ҳисобида 16-турдан кейин 26 очко бор ва жамоа «Пахтакор»дан 1 очко камроқ тўплаб, 6-ўринда бормоқда. «Машъал» 19 очко билан 10-ўринда.
Ўзбекистон Олий Лигаси 16-тур беллашувлари 2 август, сешанба
«Обод» — «Қўқон—1912» 2:1
Голлар: Отабек Зокиров, 17 (0:1). Дониёр Ҳасанов, 40-пен (1:1). Шоҳруз Норхонов, 59 (2:1).«Машъал» — «Қизилқум» 0:1
Гол: Неманя Ёванович, 51 (0:1).3 август, чоршанба
«Андижон» — «Пахтакор»«Шўртан» — «Насаф»«Сўғдиёна» — «Металлург»«Нефтчи» — «Бунёдкор»«Олмалиқ» — «Бухоро»«Локомотив» — «Навбаҳор»
Изоҳ (0)